ЭҲФ ОПЕРАТОРЛАРИ ҚАНДАЙ ХИЗМАТ КЎРСАТМОҚДА?

ЭҲФ ОПЕРАТОРЛАРИ ҚАНДАЙ ХИЗМАТ КЎРСАТМОҚДА?

ЭҲФ ОПЕРАТОРЛАРИ ҚАНДАЙ ХИЗМАТ КЎРСАТМОҚДА?

Бундан бир йил аввалги ҳолатни ёдга олайлик: электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) тизими вақт йўқотмаслик, ортиқча меҳнат ва ҳаражат сарфламаслик каби муҳим қулайликларга эга бўлса-да, янги тизимга ўтиш давлат солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилардан катта меҳнат талаб этди. Тўғри, тизим хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига тўлиқ татбиқ этилгунга қадар тарғибот ва ташвиқотлар ўтказилди, аммо барибир янги тизимга қийинчиликларсиз мослашиш, унинг имкониятларидан тўғри ва тўлиқ фойдалана олиш у қадар осон кечмади.

Вақт ўтиши билан ҳаммаси оддий, аммо муҳим экани ойдинлашди ва ЭҲФ тезкорлик, қулайлик, унумдорлик бобида ишонч қозонди. ЭҲФ билан ишлаш янада қулай, самарали бўлиши учун ўтган йил давомида жуда кўп ўзгариш ва янгиликлар жорий этилди. Улардан энг муҳимларига эътибор қаратамиз:

ЭҲФ ҳужжат айланиш тизимида фаолият олиб бораётган аксарият операторлар томонидан ҳисобварақ-фактуралардан ташқари ишончнома, бажарилган ишлар далолатномаси, товар-транспорт юкхати ва бошқа ҳужжатларни электрон тарзда шакллантириш имконияти ҳам яратилди.

Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш мақсадида 2020 йил 1 майдан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ органларига тақдим этиладиган қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини автоматик шакллантириш жорий этилди. 2020 йил 1 октябрдан эса айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини шакллантиришда турли хатоликларга йўл қўймаслик учун айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини ЭҲФ маълумотлари асосида автоматик шакллантириш имкони пайдо бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-cонли қарори билан тасдиқланган “Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом ЭҲФни расмийлаштириш тартибига янада ойдинлик киритиб берди. Мазкур Низом талабларига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар корпоратив банк карталари тўлови учун тақдим қилинган онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетида қайд этган ҳолда харидларни ҳисобварақ-фактуралар реестрига киритиш ҳамда суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Электрон солиқ хизматлари портали - my.soliq.uzда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида комитентнинг комиссионер томонидан реализация қилинган маҳсулотлари (хизматлар) ҳақида маълумотларни олиш имконияти яратилди. ЭҲФ ҳужжат айланиш тизимида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида имзоланадиган шартномаларни синов тариқасида электрон тарзда алмашинуви йўлга қўйилганлиги солиқ тўловчилар томонидан муҳим қулайлик сифатида эътироф этилмоқда.

Имкониятларга мос тарзда ЭҲФ фойдаланувчилари сони ҳам тобора ортиб борди. Рақамлар бунинг далили: жорий йил 21 январь ҳолатига кўра, электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) тизимидан фойдаланувчилар 397,9 мингдан ортиқ бўлиб, улар томонидан расмийлаштирилган ЭҲФ сони 24,9 млн.дан ошди. Жумладан, ҳозирда 121 380 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилардан 112 215 таси ёки 92,4 фоизи ЭҲФ ҳужжат айланиш тизимидан фойдаланмоқда. Айни вақтга қадар улар томонидан шакллантирилган ЭҲФ сони эса 22,4 млн.дан ортиқ.

Яна бир жиҳат аҳамиятли: тизимда фаолият олиб бораётган ЭҲФ операторлари сони 23 тага етди, натижада улар ўртасидаги рақобат ҳам кучайди. Хўжалик юритувчи субъектлари учун қай бир ЭҲФ операторини танлаш мураккаб бўлгани табиий. Чунки энг мақбул таклиф ва хизматлар ҳар бир операторда бор. Бу эса танлов имкониятини янада қийинлаштириши шубҳасиз. Шу сабабли тизим фойдаланувчилари ЭҲФни шакллантириш, юбориш ва қабул қилиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ҳатто техник томонларни ҳам эътибордан четда қолдиришмади.

Барча операторлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар пулли, албатта, лекин нарх бобида ўзаро фарқли. Аксарият фойдаланувчиларнинг танлови ҳам айнан хизматларнинг қийматига боғлиқ экани шубҳасиз.

Хўш, бугунги кунда ЭҲФ операторлари қай даражада хизмат кўрсатмоқда? Хизматларнинг қиймати қандай? Тариф ва таклифлардаги фарқ, афзаллик нимада? Биз бу борадаги энг муҳим маълумотларни қуйидаги жадвалга жамладик (илова қилинади). Таққослаш ва хулоса эса сиздан.

Илова

ЭҲФ операторларининг фаолиятига доир фойдали бошқа маълумотлар https://rouming.uz/uz/operators ва https://soliq.uz/page/operatorlar манзилларида янада батафсил акс этган.

ФАРХОД ДОСТМУХАМЕДОВ

“Янги технологиялар” илмий-ахборот

маркази биринчи тоифали мутахассиси