Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботи энди автоматик тарзда тўлдирилади

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботи энди автоматик тарзда тўлдирилади

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини электрон ҳисобварақ-фактуралар (кейинги ўринларда-ЭҲФ) асосида автоматик шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари.

1.Солиқ тўловчи айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетига кирган ҳолда қуйидаги шаклни танлайди.

Солиқ даври танлангандан сўнг, шу даврга мос ЭҲФлар реестрини юклаб олиш имконияти яратилди. Шунингдек, реестрни юклаб олган ҳолда ҳисобот даврида амалга оширилган товар (хизматлар) реализациясини ЭҲФлар кесимида таҳлил қилиш имконияти мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида имзоланган ахборот алмашинуви бўйича техник йўриқномага мувофиқ айланмадан олинадиган солиқ ҳисобот шакли “Товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад” 010-сатр 3 устунида товарлар экспорти бўйича маълумотлар Давлат божхона қўмитаси маълумотлари асосида автоматик тарзда шакллантирилади.

Электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда реализация сифатида қаралмайдиган даромадлар айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 0101-сатрида акс эттирилади.

Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг
1-иловасидаги (бошқа даромадлар) 030-сатр – реализация сифатида қаралмайдиган даромадлар (жумладан 0301-0320-сатрлар йиғиндиси) мавжуд бўлган тақдирда, айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 0101-сатр – электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда реализация сифатида қаралмайдиган даромадларда мос равишда электрон ҳисобварақ-фактура суммаси тўлиқ акс эттирилади.

Амалиётга жорий қилинаётган айланмадан олинадиган солиқ ҳисобот шакли “Товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад” 010-сатр 3 устуни корхона томонидан юборилган ва ҳолати тасдиқланган электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) қиймати ҳамда 2-чорак учун солиқ органларига тақдим этилган ҳисоботнинг 010-сатр 3-устун қиймати йиғиндиси асосида автоматик равишда шаклланади.

Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 010-сатр 3-устун қиймати 010-сатр 4-5-6-7-8-9-устунлар қийматларининг йиғиндисига тенг бўлиши шарт.

Хўжалик юритувчи субъектлар жорий йил учинчи чорак (июл, август ва сентябрь ойларида) давомида амалга оширган товарлар (хизматлар) реализацияси бўйича ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилган бўлиши шарт.

Чакана савдо, умумий овқатланиш ва бошқа шу каби фаолият турлари билан шуғулланувчи субъектлар товарларни (хизматларни) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайдиган жисмоний шахсларга реализация қилинганда ҳар календарь ой якуни билан бир марта умумлаштирилган ҳолда бир томонлама ЭҲФни шакллантиради.

Юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари орқали харидни амалга оширганда ва харидор талабига асосан тақдим этилган ЭҲФлар қиймати умумлаштирган ҳолда бир томонлама шакллантириладиган ЭҲФнинг қийматига киритилмайди.