ҲУҚУҚЛАРИНГИЗНИ БИЛИНГ, МАЖБУРИЯТЛАРНИ УНУТМАНГ!

ҲУҚУҚЛАРИНГИЗНИ БИЛИНГ, МАЖБУРИЯТЛАРНИ УНУТМАНГ!

Тўғри, кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил
1 июлга қадар ушбу тартибни бузганлик учун солиқ органлари томонидан жавобгарлик чоралари қўлланмаслигини маълум қилган эди. Демак, бу фурсат якунига етди.

Аслида эса мазкур тизимдан фойдаланишга ўтиш учун қандайдир муддатни кутиш ёки шунчаки масъулиятсизлик қилишдан ҳеч қандай маъно йўқ эди. Чунки бу орада вақт, харажат ва қулайлик борасида ортиқча йўқотиш-у оворагарчиликлар бўлгани аниқ ва бундан фақат тадбиркорлик субъектининг ўзи зиён кўрган бўлади, холос.

Эндиликда ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритмаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Муддат тугади, лекин имконият ҳали бор

ЭҲФдан фойдаланишга ўтишдан аввал тизим иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш лозим. Бу “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомда батафсил акс этган. Унга кўра, ушбу тизим иштирокчилари ўз хоҳишига кўра операторни эркин танлаш, ЭҲФ айланиш тизимида ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш йўли билан товарларни (ишлар, хизматларни) реализация ёки харид қилиш каби ҳуқуқларга эга. Шунингдек, ЭҲФ айланиш тизимидаги носозликлар бўйича хизмат кўрсатувчи операторга мурожаат қилишга ҳақли.

Операторнинг оммавий офертасида кўрсатилган шартларни бажариш, ЭҲФлар ва электрон хабарларни операторга сақлаш учун топшириш эса уларнинг асосий мажбуриятлари қаторидан жой олган.

ЭҲФ фойдаланувчиси учун операторларнинг вазифа ва мажбуриятларини билиш ҳам муҳим. Оператор, энг аввало, ўз ахборот тизимини роуминг операторининг ахборот тизимига боғлаган бўлиши зарур. Шунингдек, ўзининг маълумотлар базасида тасдиқланган ЭҲФларни камида 5 йил давомида сақланиши ва иштирокчиларнинг шахсий маълумотлари ҳимоя қилиниши ҳамда ЭҲФлар конфиденциаллигини таъминлаши шарт.

Операторга қўйиладиган мажбуриятлар орасида call-марказига ва ахборот технологиялари, молия, солиқ ёки бухгалтерия соҳаларида олий маълумот ҳамда камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлган камида бир нафар мутахассисга эга бўлиши лозимлиги ҳам белгиланган. Айни вақтда шу каби вазифа ва мажбуриятлар асосида 19 та ЭҲФ оператори фаолият олиб бормоқда.

Нимани қандай бажариш ва қайси вазифалар учун қай бир томон масъул эканини батафсил билмай туриб, ЭҲФ тизими имкониятларидан самарали фойдаланиш қийин. Бу борада Давлат солиқ қўмитаси томонидан оператор мақоми берилган “Soliqservis” ДУК мисолида янги ҳисобварақ-фактура шакллари ҳамда ишончнома, товар транспорт юкхати, акт ва бошқа ўзгаришлар тўғрисида қўлланмадан фойдаланиш қўл келади. Мазкур қўлланмани эса soliq.uz ёки ЭҲФ rouming.uz сайтларидан юклаб олиш мумкин.

Тизимнинг ҳар бир иштирокчиси ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, вазифаларини ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажариши ЭҲФларнинг қулайлик, тезкорлик, хавфсизлик каби сифатларига ишончнинг асосий кафолатидир.

Фарҳод Достмухамедов,

“Янги технологиялар”

илмий-ахборот маркази

мутахассиси